ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикада коронавирус билан боғлиқ бўлган асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 46 кишида коронавирус аниқланди, охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3 815 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 45 нафари - Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 1 нафари - Андижон вилоятида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 106 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Жами соғайганлар сони 3014 нафар.
Айни пайтда 786 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Навоийда махсус гуруҳ иши
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоийда яна 42 нафар бемор соғайгани тўғрисида маълумот берди. Ушбу вилоятда сўнгги икки кунда жами 84 бемор соғайиб чиққан.
Тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (32 нафари Зарафшон шаҳридан, 4 нафари Хатирчи туманидан, 3 нафари Томди туманидан, 2 нафари Конимех туманидан, 1 нафари эса Навоий шаҳридан) бўлиб, 26 нафари эркак, 16 нафари аёл. Уларнинг ёши каттаси 71 ёшли онахон, ёши кичиги 2018 йил туғилган.
Яна бир вирусдан холи ҳудуд
Наманган — коронавирусдан холи ҳудуд бўлишга яқин. Бугун Наманганда 4 нафар бемор соғайди. Наманган вилоятида касалликка чалинган жами 260 нафар бўлиб, эндиликда шундан 251 нафари тузалди.
Пандемия вақтида тезлиги ошган интернет
Ўзбекистонда интернет тезлиги 6 фоизга, мобил интернет тезлиги 18 фоизга кўтарилди. Ookla компаниясининг Speedtest.net сервиси коронавирус интернет глобал суръатига таъсир қилганини эълон қилди: Ўзбекистонда интернет тезлиги 6 фоизга (Fixed Speed Change), мобил интернет тезлиги эса 18 фоизга (Mobile Speed Change) кўтарилди.
2020 йил апрель ҳолатига интернет тезлиги бўйича рейтингида Ўзбекистон 94-поғонани эгаллади. Яъни, бир йил давомида 37 поғонага кўтарилиб 131-ўриндан 94-поғонадан жой олди. Ўзбекистонда охирги йил натижаларига кўра интернет тезлиги қарийб 2,3 баробарга ўсди.
Дунё саломатлиги
COVID-19 дунёнинг деярли барча давлатига етиб борди. БССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда янги коронавирус инфекциясини юқтириб олган кишиларнинг сони 6,4 миллиондан ошди, 381 минг киши вафот этди.