ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Фарғонада талончилик жинояти фош этилди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳодиса 31 май куни содир бўлган. 27 ёшли фуқаро А.А. телефон орқали ўзидан 10 ёш катта аёл З.Т. билан танишган. Кейин у билан учрашиш учун Яйпан шаҳар марказига келган. Учрашувда аёлга гўёки ўзининг яшаш уйини кўрсатишини айтиб, уни хилват жойга олиб борган. Хилват жойда уни урган ва 2,1 млн сўмлик сариқ металлдан ясалган сирғаларини ечиб олган. Ҳеч ким кўрмаслиги учун воқеа жойидан қочиб қолган.
Тезкор-қидирув давомида талончи ушланган ва З.Т.га тегишли 2 дона сирға мусодара қилинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди (Талончилик) билан жиноят иши очилган.