ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. 2020 йилнинг май ойида Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут- Таҳрир”* террорчилик ташкилотини бир гуруҳ аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ хабар қилмоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, улар муқаддам ушбу ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиқишган. Уларга кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан ҳамфикрлари билан жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида “Ҳизб ут-Таҳрир”* ғояларини ва адабиётларини тарқатиш, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан “таҳрирчилар”ни жиноятга жалб қилиш орқали ташкилот сафини кенгайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этишган.
Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда холислар иштирокида расмийлаштирилиб олиб қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган жиноий алоқаларини аниқлаш ва тергов ҳаракатларига жалб қилишга қаратилган суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
* Қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти