ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикада коронавирус билан боғлиқ бўлган асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 39 кишида коронавирус аниқланди, сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3 189 нафарни ташкил қилмоқда.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 42 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Жами соғайганлар сони 2 607 нафар. Соғайиш кўрсаткичи 81,7 фоиз.
Айни пайтда 569 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Яна бир хавфли ҳудуд
Тошкент вилоятининг Паркент туманига кириш ва чиқиш, туман ичида ҳаракатланиш чекланди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши чора сифатида, Паркент туманига кириш ва чиқиш чекланди. Туман ҳудудини хавфли инфекциядан батамом тозалашда туман ҳокимлиги, СЭОМ, ИИБ, ҳарбийлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Бюджет
Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирус билан касалланган беморларга давлат бюджетидан ажратилган маблағлар бўйича маълумот берди. Хусусан, даволанган 2492 нафар беморга 80,491 млн сўм сарфланган. Шунингдек, карантинга олинганларга сарфланган маблағ ҳам кўрсатилган.
“Ипотека банк” ходимида коронавирус
Тошкендаги “Ипотека банк” бош бошқармаси ходимида коронавирус аниқлангани маълум бўлди.
Қайд этилишича, фуқаро яқин 20 кун ичида ўзи ва оила аъзолари меҳмонга бормаган, қўни-қўшниларникига ҳам чиқмаган. Унинг яшаш манзили бўйича мулоқотда бўлган барча оила аъзолари белгиланган тартибда карантинга олинди. Ходим билан яқин алоқада бўлган 25 нафар ходимлар карантинга олинган.
Ватандошларга ёрдам
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия ҳудудида бўлиб турган ватандошларни қўллаб-қувватлаш учун қатор тадбирларни амалга оширмоқда. 25 мартдан 23 майга қадар Москва шаҳри хостелларида оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг яшаши ва овқатланиши тўлаб берилди. Бу мақсадларга 5,7 млн рубль сарфланди.
Мингдан ортиқ талабага озиқ-овқат етказиб берилди. Элчихонага ёрдам сўраб мурожаат қилган моддий қийин аҳволда қолган 217 та оила 2 ҳафталик озиқ-овқат билан таъминланди.
Инсонпарварлик ёрдами
Сеулдаги Ўзбекистон элчихонаси Жанубий Корея компанияси Suwan TPL кўмагида Ўзбекистонга сал кам икки тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжлари учун Сеулдаги дипломатик ваколатхонаси коронавирус инфекциясига қарши курашда юқори технологияли тиббий ускуналар: шприц насослари, кўчма рентген аппаратлари ва бошқа зарур воситалар кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини фаол жалб этишда давом этмоқда.
Кейинги юк чартер рейсини ташкил этиш билан умумий оғирлиги 17 тонна бўлган 135 минг доллардан ортиқ инсонпарварлик юкининг қолган қисми юборилади.
Дунё саломатлиги
COVID-19 дунёнинг деярли барча давлатга етиб борди. БССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда янги коронавирус инфекциясини юқтириб олган кишиларнинг сони 5,4 миллиондан ошди, 345 минг киши вафот этди. Қарийиб 2,2 миллион киши соғайди.