ТОШКЕНТ, 22 май – Sputnik. Ўлдирилган саудиялик мухолиф журналист Жамол Хашоггининг ўғли Салох жумага ўтар кечаси оиласи отасининг қотилларини кечиришини маълум қилди.
"Биз, ҳақиқат учун ҳалок бўлган Жамол Хашоггининг фарзандлари, бизнинг отамизни ўлдирганни кечиришимизни эълон қиламиз", - деб ёзган Салох Хашогги Twitterда. У ушбу қарор мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойининг охирги кечаларидан бирида эълон қилинаётганини таъкидлаб ўтган. Хашоггининг ўғли ушбу сатрларга қўшимча Қуръондаги афв ҳақидаги оятни келтириб ўтган.
Олдинроқ Истанбул прокуратураси Хашоггининг ўлимида алоқадорликда айблаб, 2018 йилнинг октябр ойида Саудия Арабистонининг 20 нафар фуқаросига сиртдан айбловлар эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Уларнинг орасида 18 нафари ҳукмни ижро этишда айбланмоқда, прокуратура улар учун умрбод қамоқ жазосини талаб қилган.
Яна икки киши қотилликни ташкил этишда айбланган, бу Саудия Арабистони меросхўр шаҳзодаси маслаҳатчилари - Сауд ал-Қаҳтоний ва умумий разведка раҳбарининг собиқ ўринбосари Ахмад Асирийлардир.
Прокуратура улар учун "ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш" моддаси бўйича қамоқ жазосини сўраган. Бош прокурор имзоси туширилган иш судга оширилган.
Таниқли саудиялик журналист Хашогги 2017 йилдан АҚШда истқомат қилган ва Washington Post нашрида ишлаган. У 2018 йилнинг октябрида Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида ўлдирилган эди. Аввалига саудия ҳукумати унинг консуллик биноси ичида изсиз йўқолганини рад этди, аммо орадан бироз вақт ўтиб видео ва аудио ёзувлар пайдо бўлгач, Хашогги консуллик ходимлари билан юзага келган жанжал оқибатида ўлдирилганини тан олишга мажбур бўлган эди. Туркия полицияси журналист жасадини ҳалигача топа олмади.
Сал олдин Саудия Арабистони журналист қотиллигида айбланиб беш киши ўлим жазосига маҳкум этилгани, яна уч киши жиноятни яширганлик айби билан умумий ҳисобда 24 йилга озодликдан маҳкум этилгани ҳақида хабар берган эди. Айбловлар 11 гумондорга эълон қилинган бўлиб, яна уч киши далиллар етишмаслиги туфайли огоҳлантириш билан қутилиб қолган.