ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Туркия ТИВ раҳбари Мевлют Чавушоглу журналист Жамол Хашоггининг танасини мусиқа садолари остида бурдалашган, деб ҳисоблайди. РИА Новости хабарига асосан.
"Мен уларнинг (аудиоёзувларини — таҳр.) эшитдим. Уни етти дақиқада ўлдиришди. Бу олдиндан режалаштирилган қотиллик эди… Суд тиббий эксперти қай тарзда бошқаларга йўриқнома бераётганини эшитиш мумкин: улар журналист танасини бурдалаётган вақтларида мусиқа тинглашлари керак. Бундан у гўё роҳатланганини сезиш мумкин", - деди Чавушоглу Suddeutsche Zeitung нашрига берган интервьюсида.
"Туркияга келган одамлар ўз билганича ҳаракат қилишган, деб ўйламайман. Уларнинг бунга журъати етмасди. Аммо далилсиз бирон нарса дея олмайман", - деб қўшимча қилди вазир.
Американинг Washington Post нашрида фаолият юритган Жамол Хашогги 2017 йилдан АҚШда истиқомат қилган, 2 октябр куни Туркияда Саудия Арабистони элчихонаси бош консуллиги биносига кирганидан сўнг ғойиб бўлган. Саудия Арабистони маҳаллий ОАВлари 20 октябрга ўтар кечаси мамлакат бош прокуратурасининг хабарини тарқатишди, хабарга кўра, дастлабки маълумотларга кўра Хашоггининг ўлгани, унинг ўлимига эса консуллик вакиллари билан жанжал сабаб бўлгани айтилган эди.
Туркия томони Саудия Арабистонидан жиноятда айбдорларни Анқарага топширишни, шунингдек, Хашогги танаси кўмилган жой ҳақида маълумотни ошкор этишни талаб қилмоқда.