ТОШКЕНТ, 13 май - Sputnik. Самарқандда 34 кишига хавфли юқумли касаллик юқтирган шифокор устидан жиноят иши очилди деб хабар қилмоқда вилоят прокуратураси.
Маълум бўлишича, тумани тиббиёт бирлашмасида бўлим мудири вазифасида ишлаб келаётган фуқаро Х.Д. 20 апрелдан бошлаб соғлигида ўзгариш, йўтал, тана ҳароратининг 39 градусгача кўтарилиши, нафас қисиши каби “COVID-19” инфекцияси касаллиги белгилари бўлишига қарамасдан, тез тиббий ёрдамга мурожат қилмаган ва 20 апрелдан 27 апрелга қадар уй шароитида даволаниб келган.
Оқибатда, Х.Д. у билан доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 нафар ҳамда улар орқали бошқа 23 нафар шахсларга ўта хавфли бўлган юқумли касалликни юқтириб, мулоқотда бўлган шахслар доирасини ҳамда борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириб, жами 34 нафар фуқароларнинг “COVID-19” инфекцияси билан касалланишига сабабчи бўлган.
Махсус тиббий гуруҳ текшируви натижасида фуқаро Х.Д. шифокор бўла туриб ўзини санитарияга оид қонун ҳужжатларни қўпол равишда бузгани аниқланган ва ушбу ҳолат юзсидан Вилоят прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.
"2020 йил 12 май куни Х.Д.га нисбатан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонун ҳужжатларни ёки эпидемияга қарши кураш қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Х.Д. орқали касаллик юқтирган жами 34 нафар шахсларнинг барчаси карантинга олиниб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида уларга нисбатан даволаш муолажалари олиб борилмоқда", - дейилган прокуратура хабарида.
Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.