ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Қозоғистон жанубида 10та қишлоқ сув остида қолди, 22 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди, деб таъкидлади Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев. Sputnik Қозоғистон хабарига асосан.
“Ўзбекистон Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида Туркистон вилоятининг 10 овулини сув босди. 22 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинди, уларга ёрдам кўрсатилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар олиб борилмоқда”, - деб ёзди Тоқаев Twitter саҳифасида.
Бундан аввал Туркистон вилоятида 3,6 минг гектар экинзор сув остида қолгани ҳақида хабар берилганди, зарарнинг дастлабки суммаси – 955 минг доллар.
Етти аҳоли пунктидан 3 115 минг мол, 1101 от, 585 қўй ва 34 туя хавфсиз ҳудудга олиб кетилди.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55да “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган ва Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига, Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Баҳористон” МФЙлари аҳоли яшаш пунктларига қисман сув кирган.
Оқибатда "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11,6 минг нафар аҳоли хавфсиз жойга кўчирилгани ҳақида хабар қилинган эди.
“Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Давлат хавфсизлиги хизмати тергов ҳаракатлари амалга оширади.