ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Туркистон вилояти акими Умирзак Шукеев Мактаорол туманидаги бир нечта аҳоли яшаш пунктларининг сув босиши ҳолати назорат остида эканлигини маълум қилди ва аҳолини ваҳимага берилмасликка чақирди, деб хабар қилмоқда Sputnik Қозоғистон.
"Ҳозир энг муҳими - тинчланиш. Кеча оқшом аҳоли орасида ваҳима кайфияти кузатилди, улар машиналарга ўтириб, тартибсиз равишда яшаётган ҳудудини тарк этишган. Бу ҳолатни тўхтатиш керак. Ҳаммаси назоратда. Бу мураккаб ҳолат, буни тушунамиз, лекин биз бу вазиятга ечим топишга қодирмиз", - деган Умирзак Шукеев.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрта тонг "Сардоба" сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган ва Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига, Мирзаобод туманидаги "Навбаҳор", "Ҳақиқат" ва "Баҳористон" МФЙлари аҳоли яшаш пунктларига қисман сув киргани ҳақида хабар берилган эди.
"Бу туфайли Мактаорол туманидаги қатор қишлоқ округларида фавқулодда ҳолат юзага келди - сув экин майдонлари ва бир нечта аҳоли пунктларига кириб борди", - деб айтган аким.
Унинг сўзларига кўра, тун давомида тўртта аҳоли яшаш пунктлари - Женис, Жана Турмис, Сардоба ва Нурли Жолдан 5 400 киши эвакуация қилинган.
"Сув босган ҳудудларга яқин аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўряпмиз. Ҳозирда атрофни ҳавода айланиб, қўшниларимиздан олган маълумот ҳақиқатга мослигига амин бўлишимиз керак. Агар бу хабар ўз тасдиғини топса, ва сув келмаётган бўлса, эвакуация ишларини давом эттиришга зарурат йўқ", - дея қайд этган Шукеев.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Ўзбекистон ФВВ тошқин оқибатларини бартараф этиш мақсадида учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилганини хабар қилган эди.
Сув омборидаги авариядан сўнг воқеа жойига зудлик билан президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов етиб борган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Сирдарё вилоятида бўлиб турибди. Давлат раҳбари 1 май куни Оқолтин туманида аҳоли билан бўлган мулоқотда "шароит яхшиланмагунича, раҳбарларнинг бирортаси, мен бош, ҳеч қаерга кетмайди", деб айтган.
Таъкидлашларича, аварияга кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган.
Содир бўлган фавқулодда вазият юзасидан ФВВда колл-центр фаолияти йўлга қўйилган. Қўнғироқлар 1205 ва 1250 қисқа телефон рақамлари орқали қабул қилинмоқда.