ТОШКЕНТ, 1 май - Sputnik. Бугун, эрта тонгда, Сардоба сув омборидаги тўғондан сув сиза бошлади, аҳолининг бир қисми Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан эвакуация қилинди, деб хабар беради идора матбуот хизмати.
"1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган", - дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг баёнотида.
Ушбу ҳодиса оқибатида асосан, сув экин майдонларига зарар етказганлиги маълум бўлди.
Шундай бўлсада, ФВВ бошқармаси томонидан Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Хусусан, "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган.
Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош”, “Ота юрт”, “Бирлик” МФЙларидан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.
Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.
Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган. Вазият назорат остига олинган.