ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар Тошкент ва Тошкент вилоятида прописка масаласини тартибга солувчи қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилмоқда.
Бундан ташқари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти берилмоқда.
Эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотишига доир қоидалар бекор қилиняпти. Қолаверса, эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилмоқда.
Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани хабар қилинган эди.