Турар жойида рўйхатдан ўтказиш тартиби 1 сентябрдан ўзгаради - президент қарори

© Sputnik / Вадим ШекунПаспорт гражданина Узбекистана
Паспорт гражданина Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Доимий ва муддатли рўйхатга олиш тушунчаларига ўзгартириш киритилади, Тошкентда ва бошқа вилоятларда турар жойда рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш тартиби ўзгартирилади.

ТОШКЕНТ, 23 апр – Sputnik. Ўзбекистонда турар жойида рўйхатдан ўтказиш тартиби 15 кунгача узайтирилади, деб хабар қилмоқда Ҳуқуқий ахборот телеграм канали.  

Ўзбекистон президентининг 22 апрел куни имзоланган "Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан, 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:

  • Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;
  • доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш 1 кун ичида амалга оширилади;
  • Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
  • Ўзбекистон фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
  • ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан олинишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;
  • Ўзбекистон фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.

Шунингдек, болага туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

Ундан ташқари Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассисларни (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қонуни ишлаб чиқилади. 

Янгиликлар лентаси
0