ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Ўзбекистонда ёш дастурчилар коронавирус аниқланган бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқловчи мобил илова яратди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.
“Birga Yengamiz” номли илова Android ва iOS қурилмалар учун мўлжалланган.
“Илованинг асосий вазифаси — бемор билан охирги 14 кун ичида яқин масофада ва муайян вақт алоқада бўлган шахсларни аниқлаш ва зарур ҳолларда уларни карантинга жойлаб вирусни янада кенг тарқалишининг олдини олишдир”, - деди у АОКАдаги брифингда.
Оксфорд университетининг олимларининг таъкидлашича, аҳолининг камида 60 фоизи мазкур иловалардан фойдалансагина, у самара беради.
Ҳозирда мазкур иловани “PlayMarket” ва “AppStore” платформаларида жойлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.