ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ҳукумат қарори билан Умумий ўрта таълим ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим фанлари доирасида ҳарбий-ватанпарварлик йўналиши бўйича ўқувчиларнинг чуқур таълим олишини таъминлаш ихтисослаштирилган синфларнинг мақсади ҳисобланади.
Бу синфларга мактабларнинг 6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштирилган фанлардан қобилиятини кўрсата олган ўғил ва қизлар танлов асосида қабул қилинади.
Номзодлардан тегишли ҳужжатлар 1-20 июль кунлари қабул қилинади.
Жисмоний тайёргарлик синовлари 21 июль – 5 август, тегишли фанлар бўйича тест синовлари 15-25 август кунлари оралиғида ўтказилади.
Жисмоний тайёргарлик синовлари якунлари бўйича 100 баллик тизимда 70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовларига қўйилади.
Мактабларнинг ихтисослаштирилган синфларида ўқиш муддати 5 йилдан (7-11 синфлар) иборат бўлади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган синфларга 6-синфни битирган 30 нафар ўқувчи қабул қилинади.