ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Ўзбекистонда бир кунда 31 нафар бемор коронавирусни енгишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
19 апрель куни Бухоро вилояти ихтисослашган тиббиёт муассасасида 10 нафар коронавирусга мубтало бўлган бемор буткул соғайди ва реабилитацияга кузатилди.
Шифо топганларнинг барчаси 25 март куни чартер рейс билан Россиядан Бухорога олиб келиниб, карантинга олинганди.
Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасидан ҳам 10 нафар беморга жавоб берилди.
Улардан 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, юқтириб олишганди. Шунингдек, уларнинг 2 нафари Россиядан пойтахтга келган ва “Сокол” оромгоҳида карантинга олинган, яна 1 нафари эса Москва – Тошкент йўналишида чартер рейси орқали келгач, Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказига жойлаштирилганди.
Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан илк бор коронавирус билан касалланган 11 бемор буткул соғайди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келишган бўлиб, 7 нафари “Ботаника” санаторийсига, қолган 4 нафари эса Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилганди.
Шу тариқа, Ўзбекистон бўйлаб коронавирусдан жами 225 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ 1543 та ҳолат аниқланган. 5 нафар бемор вафот этган.