ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон киритган санкциялар ва кескин чораларга қарамасдан Москва билан яхши муносабатни йўлга қўйганини маълум қилди.
18 апрель куни Оқ уйдаги брифинг давомида Америка етакчиси у сингари ҳеч ким Россияга нисбатан қаттиққўл бўлмаганини айтди.
“Санкцияларга қаранг. Уларнинг Европага газ қувури (“Шимолий оқим-2” – таҳр.) билан нима қилганимга қаранг. Лекин шу билан бирга Путин билан муносабатларим яхши. Мен Россия, Саудия Арабистони, ОПЕК+ билан келишувга эришишга муваффақ бўлдим. Бу Техас, Шимолий Дакота, Оклахома ва бошқа штатларимизни сақлаб қолади”, - дея Трамп сўзларидан келтиради РИА Новости.
12 апрель куни ОПЕК+ мамлакатлари бозор барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида нефть қазиб олишни қисқартириш тўғрисида келишиб олган эди.