ТОШКЕНТ, 13 апр - Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп 12 апрель, якшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда Россиянинг нефт қазиб олишни глобал энергетика ва молиявий бозорларнинг барқарорлигига мос келадиган даражага қайтариш мажбуриятини олқишлади, дея хабар беради Оқ уй матбуот хизмати.
“Президент Трамп президент Путинга Саудия Арабистони Қироллиги ва бошқа нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар билан глобал энергетика бозоридаги вазиятни тинчлантириш учун ҳамкорлик қилгани учун миннатдорчилик билдирди. Президент Трамп Россиянинг нефт ишлаб чиқаришни глобал энергетика ва молия бозорларининг барқарорлигига мос келадиган даражага қайтариш мажбуриятини олқишлади”, - дея баёнотдан иқтибос келтирган РИА Новости.
Бундан ташқари, Трампнинг Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдел Азиз Ал Сауд билан бўлган суҳбати ҳам худди шу иборалар билан тасвирланган, АҚШ президенти унга Россия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирган.