ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Сирдарёда карантин қоидаларини бузган ва ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаган фуқаро жаримага тортилди.
ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, 17 апрель куни Янгиер шаҳар, “Маърифат” маҳалласида яшовчи 28 ёшли аёл М.К. карантин қоидаларини бузиб, яшаш хонадонига меҳмон чақирган. Сўнгра спиртли ичимлик истеъмол қилиб, қўшнилар тинчлигини бузган. Унинг тинчланишини сўраган ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.
Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183 ва 194-моддаларида кўзда тутилган қоидабузарликни содир этганликда айбдор деб топган. Унга 1 115 000 сўм миқдорида жарима жазосини тайинлаган.
ИИВ маълумотларига кўра, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 79 851 та ҳолат аниқланган. Тошкент шаҳри (14 506 та ҳолат), Фарғона вилояти (12 510 та) ва Тошкент вилоятида (11 742 та) энг кўп қоидабузарлик кузатилган.