ТОШКЕНТ, 10 апр - Sputnik. Шанба куни Ўзбекистонга Эрон ҳудудидан нам, лекин илиқ ҳаво киришни бошлайди, деб хабар бермоқда Гидрометеорология маркази.
Кеча мамлакат ҳудуди устидаги антициклон қуёш нурларига ҳавони иситиш имконини бермаган бўлса, бугун термометр устунчаси юқорига тез кўтарилиб, соат 10 да кечаги ҳарорат максимумидан ҳам ўтиб кетди.
Бугун ҳарорат 13-18 даражагача илийди ва бутун республикада об-ҳаво кам булутли ва қуруқ бўлади.
Шанба куни республикага Эрон ҳудудидан нам, лекин илиқ ҳаво киришни бошлайди. Айрим жойларга кучсиз ёмғир ёғиши мумкин, фақат Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳаво ҳарорати кечаси 5-8, кундузи 17-22 даражагача кўтарилади.
Якшанба куни республиканинг катта қисмида ёмғир, айрим жойларда кучли ёмғир ёғади. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида айрим жойларга кучсиз ёмғир ёғади, Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди. Шамолнинг тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, шиддат билан эсганда 23-28 м/с гача етади.
Кейинги ҳафтанинг бошида Ўзбекистонда нобарқарор, айрим жойларда шамолли об-ҳаво сақланиб туради. Қорақалпоғистон ва Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудларда ёмғир, баъзи жойда жала ёғади. Кундузги ҳарорат 3-5 даражага пасаяди.
12-14 апрелда республиканинг тоғолди ва тоғли туманларида сел келиши хавфи бор.