ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Фарғона вилояти, Ёзёвон туман, Қатортол маҳалла фуқаролар йиғини, Ҳамза кўчасида яшаган, 18.07.1987 йилда туғилган, Нодира Ш. Ёзёвон туман тиббиёт бирлашмасининг Туғруқ бўлимида 39 ҳафталик ҳомиласи билан туғруқ жараёнида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Нодира Ш.нинг 39 ҳафталик ҳомиласи билан туғруқ жараёнида вафот этганлиги ҳолатида ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги, ушбу ҳолат юзасидан бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан туриб, қонуний тўхтамга келиш имконияти йўқлигини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан 04.04.2020 йил куни жиноят иши қўзғатилди.
Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда “Пули йўқ одамларни менсимасликми бу? Раддомга олиб келинган ҳомиладор аёлни туғишига ҳеч қайси Доктор ёрдам бермади! Натижада эса аёл ва туғилмаган фарзанди раддомда вафот этди. (Фарғона вилояти, Ёзёвон тумани.)”, - деган видео тарқалди.