ТОШКЕНТ, 2 апр - Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенконинг фикрича, айрим "кучли давлатлар" COVID-19 коронавируси пандемияси туфайли юзага келган вазиятдан жаҳонда ўз таъсир доираси чегараларини қайта тақсимлаш мақсадида фойдаланмоқчи.
Президент матбуот-хизмати хабарига кўра, Лукашенко ушбу фикрни пайшанба куни Беларусдаги "Мир" давлатлараро телерадиокомпанияси ваколатхонасига берган интервьюси давомида айтган.
Республика раҳбарига кўра, глобал ўйинчилар, коронавирус эпидемияси туфайли юзага келган жаҳон инқирозидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишлари мумкин. Лукашенконинг айтишича, ҳозирда кўпчиликни қизиқтираётган асосий савол - бу: COVID-19 пандемиясидан кейин нима бўлишидир.
"Дунёнинг энг кучли давлатлари урушсиз... коронавирус психози орқали, шу жумладан, инфодемия орқали дунёни қайта тақсимлашни хоҳлаяптилар, чамамда", - деган Лукашенко.
Шу билан бирга у БМТнинг коронавирусга қарши кураш учун дунё ЯИМининг 10%и миқдорида пул чоп этиш таклифини эсга олган. Лукашенко бу пулларни "пуч пуллар", деб ҳисоблайди. Сабаби, доллар шундоқ ҳам қадрсизланмоқда, пул чоп этиладиган бўлса, инфляция бошланиши турган гап.
"Рублимиз билан қаерга боришимиз, аниқ. Бундан ташқари: бу триллионларни ким олади? Улар кимда қолади? Бойлар янада бойиб, камбағаллар янада қашшоқлашмайдими? Худди шундай бўлади. Бизни шунга мажбур этишдики, биз тўхтаб, ўтириб, ўзимизда мавжуд ўша озгинагина олтин захирасини ҳам еб тугатишимиз керак. Бу захира ҳатто Россияда ҳам улкан, деб айтиб бўлмайди. Россия учун ҳеч нарсамас - ўтирса, бир йилга етмайди. Бизда ҳам худди шундай. Шунда, ЯИМнинг 10%и миқдорида пулларни босиб чиқариб, "оёда турганлар", бизнинг олдимизга келиб, мана, оз-оздан олинглар, лекин шундай кейин бизни айтганимизни бажарасизлар, дейдими. Дунё шу тарзда бўлиб олиниши мумкин", - дея тахмин қилди Лукашенко.
Унинг айтишича, бугунги кунда кўплар "пандемиядан кейин дунё бошқача бўлишини" айтмоқда, ва шахсан у бу гапга қўшилади. "Лекин бу дунёда бизнинг ўрнимиз қаерда бўлади? Мен учун муҳим савол шу. Коронапсихоз ҳам, инфопандемия ҳам эмас. Бу масалалар ҳам бор, албатта, лекин бир икки ойдан сўнг ўтиб кетади. Битта савол очиқ қолади, бизнинг ўрнимиз ҳақидаги. Ва ҳар бир давлат олдида шундай масала кўндаланг бўлади. Ресурсларга бой - Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, айниқса, Арманистон ва Қирғизистон, Украина ва бугунги кунда Беларусь президенти сиёсатини шубҳа остига қўйишни хоҳлаётган Науседа (Литва президенти Гитанас Науседа - таҳр.) олдида ҳам. Бизни урушсиз бўлиб олишмасайди, деб қўрқаман", - деб қўшимча қилди Лукашенко.
Президент сўзларига кўра, у Беларусьда COVID-19 шароитида ҳам ишлаб-чиқариш тўхтаб турмаслиги тарафдори, чунки кўпчилик: литваликлар, латвияликлар ва бошқалар сингари "тўхтайдиган бўлса", пандемиядан кейин республика тақдири не кечишидан ҳавотирда. "Улар енга олади. Россияда бутун дунё эҳтиёж сезадиган нефть ва газ бор. Хитой - иқтисодий соҳада улкан қувватларга эга. Американинг босма станоги бор: икки триллионни ташласа, яна икки триллион тайёр туради", - дея қўшимча қилган Лукашенко.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги турдаги коронавирус инфекцияси - COVID-19 тарқалишини - пандемия, деб эълон қилди. БССТ тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, дунёда ушбу вирусга чалинганлик бўйича 820 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 40 мингдан зиёд киши вафот этган.