ТОШКЕНТ, 31 мар - Sputnik. Айни дамда мамлакатда коронавирус инфекцияси билан хасталанганлар 158 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг ҳар бири қайси ҳудудлардан эканлиги юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот берди.
Таъкидланишича, коронавирус инфекцияси билан хасталанган 158 нафар фуқароларнинг 92 нафари (шундан 7 нафари соғайган, бир нафари вафот этган) пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида, қолган 66 нафари (шундан бир нафари вафот этган) қатор вилоятлардаги шифохоналарда муолажа олишмоқда.
Жумладан, Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, уларнинг 9 нафари фарғоналик, қолган 4 нафари андижонлик, 1 нафари жиззахлик, 3 нафари самарқандлик, 7 нафари пойтахтлик, 2 нафари эса Тошкент вилоятидан.
Касалликка чалинганларнинг 17 нафари 25 март куни битта рейсда Туркиядан Фарғонага чартер рейсда келишган йўловчилар орасида аниқланган. Шу куниёқ улар стационар карантинга олиниб, касаллик тасдиқлангач ихтисослашган тиббиёт муассасасига ўтказилган.
Наманган вилоятида 15 ҳолатда ушбу инфекция аниқланган. Уларнинг 13 нафари 12-13 март кунлари Туркия сафарида бўлиб қайтган 2 нафар касалланган фуқародан коронавирус инфекциясини юқтириб олишган. Айни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда, улардан бир нафари вафот этган.
Андижон вилоятидаги 8 нафар беморнинг барчаси ушбу ҳудуднинг ўзидан. Бундан ташқари, бошқа вилоятларда яна 6 нафар андижонлик бемор бўлиб, 2 нафари Бухорода, 4 нафари Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.
Ҳозирда 1 нафар хоразмликда ушбу инфекция тасдиқланган. Аммо вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бундан ташқари, яна 5 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 2 нафари сурхондарёлик, 1 нафари бухоролик, 1 нафари қорақалпоғистонлик, 1 нафари эса фарғоналик ҳисобланади.
Бухоро вилоятида 8 нафар, жумладан, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан бемор даволанмоқда.
Бундан ташқари, Москвадан чартер рейсида келиб, касаллиги тасдиқланган 2 нафар бухоролик пойтахтда ва 22 мартда Москвадан чартер рейсида Урганчга учган 1 нафар ушбу вилоят фуқароси Хоразм юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.
Айни вақтгача уч нафар қашқадарёликда ушбу инфекция аниқланган. Шундан бемор билан мулоқот орқали ушбу инфекцияга чалиниб бир нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган бўлса, қолган 2 нафари 21-28 март кунлари Москвадан келган шаҳрисабзлик ва яккабоғлик фуқароларда аниқланган. Улар пойтахтдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида муолажа олишмоқда.
Навоий вилоятидан ҳам 2 нафар фуқарода инфекция аниқланиб, вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган муассасада даволанишмоқда.