ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳи ўз ишини бошлади. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ишчи гуруҳ раҳбари Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг маълум қилишича, Вазирлар маҳкамасига ҳам бир қатор вазифалар юкланган.
“Ҳукумат олдига аниқ вазифалар қўйилди. Чунончи, Ишчи гуруҳини Ўзбекистонинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласига тааллуқли барча ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаши, заруратдан келиб чиқиб, фракциялар ҳамда қўмиталарнинг ушбу масала юзасидан ўтказиладиган мажлисларида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг иштирокини кафолатлаши белгиланди. Шу билан бирга, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва уларнинг хоҳиш-иродасига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ҳамда бизнес ҳамжияти ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш, унинг якунлари юзасидан таҳлилий маълумотларни тақдим этиш назарда тутилди”, - деди у.
Саидовнинг таъкидлашича, иш режасида иқтисодий интеграция масаласида мамлакат иқтисодиётининг йирик тармоқларини ўрганиш, ушбу масала бўйича етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг таклифлари ҳамда хулосаларини олишга кенг эътибор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қуйи палатадаги барча сиёсий партиялар фракциялари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, унинг асосий вазифалари белгилангани хабар қилинган эди.