ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссиясининг интеграция ва макроиқтисодиёт бўйича вазири Сергей Глазьев Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласига изоҳ берди.
“Ҳозирча Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши юзасидан муҳокамалар олиб борилгани йўқ. Бундай баёнот, мақсад борлигидан хабаримиз бор. Аммо ҳеч қандай расмий ҳужжатлар тақдим этилганича йўқ. Биз Ўзбекистондан бу борада конкрет ташаббусларни кутиб қоламиз”, - деди Глазьев Sputnik мухбири билан Москвада ўтаётган Евроосиё саноат конгресси давомида бўлган қисқача суҳбати чоғида.
Эслатиб ўтамиз, РФ Федерал Кенгаш спикери Валентина Матвиенко Ўзбекистонга ташрифи давомида президент Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқига республиканинг қўшилиши масаласини кўриб чиқаётганлигини айтиб ўтган эди. Россия сенати раиси республиканинг ЕОИИга аъзо бўлиши жараёни тўхтатилмай, жадал амалга оширилишига умид билдирганди.
Олий Мажлис сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев бир оз вақтдан сўнг, Матвиенконинг баёноти ортиқча резонансга эга эмаслиги, бу масала сўнгги уч йилда муҳокама қилинаётганлиги ва лекин қарор қабул қилишда пухта таҳлил талаб этилишини қайд этганди. Айни вақтда у Ўзбекистонга ҳам ва унинг президентига ҳам ҳеч қандай босим ўтказилмаётганлигини, ҳамда бу жараённи тезлаштириш тўғрисида сўз бормаётганини таъкидлаб ўтди.
Сўнгги йилларда ЕОИИ улкан ривожланиш истиқболларига эга қудратли минтақавий бирлашмага айланди, дейди Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти илмий ходими Александр Караваев. Унинг фикрича, интеграция жараёнидан барча иштирокчилар фойда кўради.
Айни пайтда Евроосиё тузулмаларига аъзоликдан тушадиган бонусларнинг ҳам ўз нархи бор. Хусусан, аъзо-мамлакат ўз суверенитетининг бир қисмини миллий давлатчилик доирасидан ташқарига вакилликка топширишига тўғри келади, деб РФ Молия университети сиёсатшунослик кафдераси доценти Геворг Мирзаян фикр билдирди. Унинг сўзларига қараганда, жумладан бу масала ҳам Шавкат Мирзиёевнинг Москвага 2020 йил февралдаги ташрифи давомида муҳокама қилинади.