ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Хитойлик миллиардер, Alibaba Group асосчиси Жек Ма ва унинг хайрия фонди 7 та мамлакатга коронавирус пандемиясига қарши курашишда ёрдам беради. Бу ҳақда Reuter агентлиги хабар қилди.
Рўйхатга қуйидаги мамлакатлар киритилган: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Вьетнам ва Бутан.
Ушбу мамлакатларга жами 1,7 миллион дона ниқоб, 165 минг дона COVID-19ни аниқловчи тест, ҳимоя кийимлари ва зарурий тиббий асбоб-ускуналар юборилади.
Фонд бунга қадар Хитой, Россия, Жанубий-Шарқий Осиё, ЕИ ва Африка мамлакатларига коронавирусга қарши курашишда ёрдам қўлини чўзган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳукумати Ўзбекистонга 8 тонналик инсонпарварлик ёрдамини жўнатгани хабар қилинган эди.