ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳукумати Ўзбекистонга 8 тонналик инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Бу ҳақда Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти ва Ўзбекистон Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров маълум қилди.
“Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳукуматига пандемияга қарши курашда Ўзбекистон халқига кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик изҳор этаман! Бугун 8 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам махсус рейс билан Тошкент аэропортига олиб келинди. Тиббий ниқоблар, қўлқоплар, ҳимоя костюмлари ва бошқа воситалар бизга COVID-19 ҳужумига қарши туришга ёрдам беради”, - дея ёзган Умаров ўзининг телеграм каналида.
ОАВ хабарига кўра, ушбу юклар Ўзбекистон ССВга топширилган ва вазирлик коронавирусдан даволанаётган ва карантиндаги фуқаролар бўлган тиббиёт муассасаларига тақсимлаб беради.
“Биз бу оғир дамларда ёлғиз эмаслигимизни билишдан мамнунмиз ва айниқса мамлакатингиз олд қаторларда коронавирусга қарши кураш олиб бораётган бир пайтда бизни ҳам қўллаб-қувватлаётганингизни қадрлаймиз”, - дея таъкидлаган Триатлон федерацияси раиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 104 нафарни ташкил этмоқда. Икки киши ушбу инфекциядан вафот этди.