ТОШКЕНТ, 28 мар - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.
Мурожаатда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат туфайли Буюк Британиянинг Ички ишлар вазирлиги расмий порталида Бирлашган Қироллик ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқароларининг визаларини узайтириш бўйича янги қоидаларни жойлаштирилгани ҳақида айтилган.
"Саёҳат чекловлари туфайли Буюк Британияни тарк эта олмаётган ва мамлакатда қолиш учун рухсатнома муддатлари тугаётган Ўзбекистон фуқароларининг визалари 2020 йил 31 майга қадар узайтирилади", - дейилади хабарда.
Бунинг учун фуқаро Буюк Британия Иммиграция хизмати билан CIH@homeoffice.gov.uk электрон почтаси орқали боғланиб, ўзи ҳақида зарур маълумотларни (тўлиқ исми, фуқаролиги, олдинги виза рақами) бериши ҳамда мазкур мамлакатдан ҳозирда чиқиб кета олмаётгани сабабини қисқача тушунтириши керак.
Шунингдек, 31 майга қадар Буюк Британияни тарк этмасдан туриб мазкур давлатда узоқ муддатли яшаш рухсатномасини олиш учун онлайн мурожаат этиш ҳам мумкин. Бундай ҳолда, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ўзгармайди ва стандарт тўловни амалга ошириш талаб этилади.
Қўшимча маълумот олиш учун 0800 678 1767 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.