ТОШКЕНТ, 24 мар - Sputnik. Ўзбекистон фуқароси чет элда коронавирусга чалинса ўша давлатда даволаниши керак. Бу ҳақида Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов АОКАда бўлиб ўтган онлайн брифингда хабар қилди.
"Халқаро тиббий-санитария қонун-қоидаларига асосан, юқумли касаллик қайси давлатда қайд этилган бўлса, ўша давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими хизмати томонидан даволаш йўлга қўйилган. Беморни бошқа давлатларга юбориш мумкин эмас.
Агарда чегарадан ўтиш жараёнида аниқланса, у ердаги санитария-карантин постларидаги тиббиёт ходимлари томонидан касалликда гумон қилинган беморлар, фуқаролиги ким бўлишидан қатъий назар, вақтинчалик «изолятор»ларга жойлаштирилади. Ва тиббиёт муассасасига телефон орқали мурожаат қилиб, белгиланган юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинади ва ўша ерда ўз вақтида ташхис қўйиш, даволаш тадбирлари давом эттирилади", - деди Алматов.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус эпидемияси бошланганидан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга ватанига қайтишга шошилмасликка, ўзлари вақтинча бўлиб турган мамлакатда эълон қилинган карантин қоидаларига амал қилишга ва эҳтиёж туғилганда маҳаллий шифохоналарга мурожаат қилишни маслаҳат берган эди. Шунингдек, Жанубий Кореяда коронавирус ташхиси қўйилган Ўзбекистон фуқаросига ҳам ушбу мамлакатда қолиб даволаниш қатъий тавсия қилинган эди.