ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Жамоат жойларида ниқобсиз юрган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев карантин вақтида мавжуд қоидаларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонунни имзолади.
Унга мувофиқ маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига ўзгартириш киритилди.
Қайд этилишича, карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш қонунга зид ҳисобланади.
Ушбу ҳаракатларни содир этган шахсга нисбатан қонунга мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача, яъни 1 млн 115 минг сўм миқдорда жарима жазоси қўлланилишига асос бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икрамов 25 март кунидан бошлаб фуқароларнинг жамоат жойларида ниқоб билан юриши шартлиги, ушбу тартибга бўйсунмайдиган фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирган эди.