Италияга коронавирусга қарши курашда бевосита ёрдам бериш мақсадида Ил-76 самолётлари россиялик ҳарбий мутахассислари ва ускуналари билан бирга 23 март куни кечқурун "Практик де Маре" авиабазасига (Римдан 30 км масофада) келишни бошладилар, деб ёзади Sputnik ҳарбий шарҳловчиси Александр Хроленко.
Россия Италияга ҳарбий вирусологлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат 8 та кўчма гуруҳни, диагностика ускуналарини, транспортни аэрозолли дезинфекциялаш автомобил тизимлари ва бошқа тиббий жиҳозларни етказиб бермоқда.
"Махсус тиббий бўлинмаси" таркиби РФ Мудофаа вазирлигининг вирусология ва эпидемиология соҳасидаги эпидемияларга қарши курашда катта халқаро тажрибага эга бўлган 100 га яқин етакчи мутахассислардан иборат.
Россия десанти барча зарур тиббий буюмлар, замонавий ускуналар ва махсус техника билан таъминланган. Италия томони билан келишилиши билан, россиялик ҳарбий шифокор ва вирусологлар ўз вазифаларини бажаришга киришмоқда.
Россия Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони Владимир Путин топшириғига асосан Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши курашда Италия Республикасига тезкор ёрдам етказиш мақсадида 9 та Ил-76 ВТА самолётларидан иборат бўлган авиация гуруҳини тузди.
Эҳтимол, ушбу ҳаво кўприги Италияда коронавирус эпидемиясига қарши курашиш даврида узлуксиз ишлайди. Россиялик мутахассислар олдида жуда катта ва ўта хавфли иш турибди. 24 март ҳолатига кўра, Италияда ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони 63 927 кишини ташкил қилди. Бир суткада 609 киши вафот этди. 6077 киши COVID-19 қурбони бўлди.
Кучлар ва воситалар
21 март куни бўлиб ўтган телефон суҳбат давомида Россия президенти Владимир Путин ва Италия бош вазири Жузеппе Конте коронавирус пандемияси бўйича вазият ва унга қарши кураш чораларини муҳокама қилишди.
Италия томонининг мурожаатига жавобан Владимир Путин зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади, Россиянинг позицияси пандемияга қарши курашда Европа Иттифоқининг аксарият давлатларида яққол кўзга ташланадиган бирликнинг йўқлиги ва ўз-ўзини изоляция қилишдан кескин фарқ қилади.
РФ Ҳарбий-космик кучларининг вирусологлар ва эпидемияни назорат қилувчи ускуналар билан жиҳозланган биринчи Ил-76 бортини "Практик-де-Маре" авиабазасида Италия ташқи ишлар вазири Луиджи Ди Майо ва республика Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Энцо Вичерелли кутиб олдилар.
Улар "бундай мушкул пайтда Россия ёрдами учун бутун Италия халқи номидан катта мамнуният ва миннатдорлик билдиришди”.
Бу жуда самимий эди, чунки Европадаги яқин қўшнилари Италияга узоқ вақт давомида ҳатто пул билан ҳам ёрдам беришга журъат этишмади.
Италия ташқи ёрдамга жуда муҳтож, чунки республикада соғлиқни сақлаш тизимининг 4824 нафар ходими касалланган - бу Хитойдаги кўрсаткичдан икки баравар кўп. Аммо, айнан тескари ҳодисалар юз берди. La Repubblica газетаси хабар беришича: ХХР ҳукумати томонидан Италияга ёрдам учун юборилган ниқоб ва респираторлар партияси Чехия ҳукумати томонидан олиб қўйилди. Бироқ, Чехия томони худди шу миқдорда ҳимоя воситаларини юборишга ваъда берди.
Шимолий Атлантика Альянси ҳаракатсиз. Италияга вирусологлар ва тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган бир нечта Россия ҳарбий самолётлари юборилганидан сўнг, Италия ҳукумати Пентагонга ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Хусусан, Италия Мудофаа вазири Лоренцо Гуэрини АҚШ мудофаа вазири Марк Эспердан ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналарини ва тиббий ниқобларни сўради. Рим, шунингдек, Италияда жойлашган америкалик ҳарбий шифокорларининг ёрдамига умид қилмоқда. Вашингтондан тезкор жавоб келмади.
Россиянинг тўққизинчи Ил-76 самолёти 23 март куни эрталаб Италияга етиб келди. Барча зарур ускуналар билан жиҳозланган ҳарбий шифокорлар гуруҳи жўнатилди. Автотранспорт воситалари ва ҳудудларини аэрозол билан дезинфекция қилиш учун КамАЗ автомобиллари базасидаги мобил тизимлар Италиянинг энг кўп зарар кўрган ҳудудларига йўлланмоқда. Россиядан ташқари, италияликларни эпидемияга қарши курашни давлат даражасида қўллаб-қувватлашда фақат Венесуела, Хитой ва Кубадан келган тиббий гуруҳлар ёрдам бермоқда.
Россия Италияга малакали мутахассисларни, дори-дармонларни ва махсус жиҳозларни юбориш билан, биринчи навбатда, эпидемиялар ва энг хавфли касалликлар - Эбола, куйдирги ва бошқа касалликларга қарши курашда ўзининг муваффақиятли тиббий тажрибасини тақдим этмоқда. Албатта, россиялик мутахассислар Италияда ҳам номаълум бўлган вирусга қарши курашда янги муҳим тажрибани ортирадилар, бу келажак учун керак.
Махсус тиббий бўлинмаси
Италиядаги Россия мутахассисларининг деярли бутун таркиби - жаҳон миқёсидаги ҳарбий вирусологлар ва шифокорлар элитасидан иборат. Хусусан, Россия "махсус тиббий бўлинмаси"ни бошқараётган генерал-майор Сергей Кикоть махсус ишлов бериш тизимларининг энг янги моделларини етакчи яратувчиси ва уларни қўллаш бўйича мутахассис ҳисобланади. У сибир куйдиргиси эпидемиологик тарқалишининг мураккаб шароитларида, сув тошқинларнинг эпидемиологик оқибатларини бартараф этишда катта тажрибага эга.
Етакчи эпидемиолог-олим, тиббиёт фанлари номзоди, полковник Алексей Смирнов эпидемиология ва аҳамиятли юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича 70 дан ортиқ илмий иш ёзди. Эбола вирусига қарши вакцинани ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.
Тиббиёт фанлар номзоди, подполковник Геннадий Еремин - илмий-тадқиқот марказининг етакчи илмий ходими, эпидемияга қарши тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича нуфузли мутахассис.
Тиббиёт фанлари номзоди, подполковник Александр Юманов россиялик ҳарбий мутахассислар гуруҳи сафида Эболага қарши кураш бўйича халқаро дастур доирасида Гвинея Республикасида кўчма касалхона фаолиятини ташкил қилган. Ўтган йили у табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларда эпидемияга қарши кураш бўйича Ҳиндистонда АСЕАН мамлакатларининг ҳарбий тиббий хизматлари ва "СМОА плюс" MEDEX-2019 мулоқот форматидаги ҳамкорлари машқларида иштирок этган.
Вирусология соҳасидаги мутахассис, подполковник Вячеслав Кулиш вирус табиатининг биологик зарар етказувчиларига қарши ҳимоя воситаларини ишлаб чиқувчи мутахассис ҳисобланади. У Эбола вирусига қарши вакциналарни, вабога қарши вакциналарни ишлаб чиқишда қатнашган. Эътиборга олиш жоизки, Россия армиясидаги коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари бугунги кунга қадар кузатилмаганлиги кўп даражада олимлар ва амалиётчиларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига эришилди.
Шунга қарамай, 20 март куни Россия Мудофаа вазирлиги кенгашининг йиғилиши COVID-19 глобал муаммоларини муҳокама қилиш билан бошланди. Бир ҳафта олдин қуролли кучларда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун тезкор штаб ташкил этилди ва ҳарбийлар орасида касаллик аниқланган тақдирда 32та госпиталда махсус бўлимлар тайёрланди.
Эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва коронавирус инфекциясига қарши туриш учун 18-19 март кунлари “Чкаловский” аэродромида шифокорлар ва ҳарбий полиция иштирокида радиацион, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинларининг махсус машғулотлари ўтказилди. Фуқароларни қабул қилиш ва эвакуация қилиш, карантинни ташкиллаштириш ва транспорт оқимларини тартибга солиш масалалари ишлаб чиқилди.
Россия Мудофаа вазирлиги яхшиликка ишонади, лекин ҳар доим мамлакатда, яқин ва узоқ хорижда содир бўладиган воқеаларни ҳар қандай ривожланишига тайёр. Ҳали ҳеч ким табиий эпидемиялар ва биологик қуролларни бекор қилмаган.