ТОШКЕНТ, 24 мар - Sputnik. МДҲ Парламентлараро ассамблеяси (МПА) коронавирус пандемияси сабабли баҳорги сессияни бекор қилди, дея хабар беради РИА Новости.
Гап режалаштирилган барча халқаро тадбирларни бекор қилиш ҳақида кетмоқда: доимий комиссиялар йиғилишлари, Парламентлараро Ассамблея кенгаши, МПАнинг 51-ялпи йиғилиши ва Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган МДҲ Парламентлараро Ассамблеянинг тантанали йиғилиши.
"Бекор қилиш тўғрисидаги қарор ноқулай эпидемиологик вазият ва миллий даражаларда сафарларга қўйилган чекловлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди", - дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, ассамблеянинг қонун ижодкорлиги ва бошқа йўналишлар бўйича иши давом этади, аммо энди онлайн ва видеоконференциялар шаклида.
Хабар қилинишича, МДҲ мамлакатларида пандемия бартараф этилиши билан, МПА штаб-квартирасида халқаро тадбирлар қайта бошланади.
Шунга ўхшаш онлайн форматда яқинлашиб келаётган G20 саммитини ўтказиш хам режалаштирилмоқда. Унинг мақсади - пандемияга қарши курашда мамлакатларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришдир.
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, айни дамда виртуал саммит форматига аниқлик киритилмоқда ва Россия томонидан ҳар қандай ташаббуслар ҳақида "гапиришга ҳали эрта".
ЖССТ 11-март куни COVID-19 вируси авж олишини пандемия деб эълон қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда 339 мингдан ортиқ одам коронавирус инфекциясига чалинган. 15 мингдан ортиқ одам пандемия қурбонига айланди, аммо касалланганлардан 96 мингдан кўпроғи тузалиб кетди.