ТОШКЕНТ, 21 мар - Sputnik. Эртадан, 22 март кунидан Тошкентда жамоат транспорти қатнови тўхтатилади. Бу ҳақда бугун, 21 март куни бўлиб ўтган "Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси"нинг йиғилишида маълум қилинди.
Мазкур йиғилишнинг 8-сонли баёнида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
- 2020 йил 22 мартдан эътиборан мулкчилик шаклидан қатъий назар ташувчилар томонидан хизмат кўрсатилувчи йўналишлар бўйича Тошкент шаҳри ҳудудида барча жамоат транспорти (автобус, метро ва йўналишли такси) ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади;
- Йуловчилар гавжум йиғиладиган масканлар, метро бекатларида Тошкент шаҳрида барча жамоат транспорти ҳаракати вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида маълумотлар берилади;
- Шаҳримиздаги шифохоналарнинг тиббий жамоасини ишга ва уйга ташиш учун, уларнинг ходимлари сонига кўра, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг буюртмалари асосида керакли миқдорда махсус дезинфекция қилинган алоҳида автобуслар ажратилади;
- Жамоат транспорти ўрнига вақтинча Тошкент шаҳар Санитария эпидемиологик осойишталик маркази томонидан махсус дезинфекция қилинган таксилар ҳаракатланади.
Ҳар куни йўналишга чиққан ҳар бир таксига СЭОМ томонидан дезинфекция қилинганлиги ҳақида маълумотнома бериб борилади.
Мутасаддиларга Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган вақтда йўналишсиз таксиларда ташиш билан шуғулланувчилар томонидан йўл ҳақларини сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш топширилди.