ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01 дан бошлаб барча шахслар учун (Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси маълум қилди.
Шунингдек, 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан катъий назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
Таъкидланишича, ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 25 мартдан жамоат жойларида такроран ниқобсиз бўлган шахсларга жарима қўлланиши мумкинлиги хабар қилинган эди.