ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 23 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Францияда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаросининг яна 3 нафар қариндошида ушбу инфекция борлиги тасдиқланган.
Шунингдек, шу йилнинг 15 март куни Истанбул – Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар ва жорий йил 14 март куни Лондон – Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган яна бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Ҳар беш нафар фуқаро ҳам шу вақтгача тиббий назоратда бўлган.
Шу тариқа, айни пайтга келиб Ўзбекистонда ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 23 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.