Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев обратился к народу в связи с ситуацией вокруг коронавируса
Президент Шавкат Мирзиёев обратился к народу  в связи с ситуацией вокруг коронавируса - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
“Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”, - деди президент.

ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халққа мурожаат қилди. 

– Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.

Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.

Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак.

Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.

Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман.

Учинчидан, мажбурий таътил пайтида фарзандларимиз ўқув машғулотларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видеодарслар туркуми йўлга қўйилди.

Телерадиоканалларимиз ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тарихимиз, бой маданиятимизга оид кўрсатув ва эшиттиришлар, ёшларимиз учун фойдали ва қизиқарли бадиий дастурлар, кинофильмларни кўпайтириши лозим.

Ҳурматли ота-оналаримиз ўз фарзандларини жаҳон ва миллий адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари билан таништиришга ҳаракат қилсалар айни муддао бўларди.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев и Президент Туркменистана Гурбангулы Бердымухамедов - Sputnik Ўзбекистон
Коронавирус, Наврўз, савдо-сотиқ: Мирзиёев ва Бердимуҳамедов нима ҳақида суҳбатлашди

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим, - деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори мамлакат ҳам иқтисодиётига салбий таъсири бўлиши табиий.

Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррель 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспорт тушумлари қисқариши мумкин. Хориждаги асосий савдо ҳамкорларнинг миллий валюталари қадрсизланиши республикага ҳам, албатта, валюта тушумини камайтиради. Хорижий туристлар сони ва тушум миқдори камайиши мумкин. Булар, табиийки, ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмига таъсир қилмасдан қолмайди.

Мирзиёевнинг маълум қилишича, унинг топшириғига мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда. Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур.

Президент бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишини олдини олиш, иқтисодиётнинг базавий ва ҳал қилувчи тармоқлари узлуксиз ишлашини сақлаб қолиш кераклигини қайд этди.

"Бутун халқимиз аниқ билиши керак: биз коронавирусга қарши кураш фаолиятини ошкоралик тамойиллари асосида олиб боряпмиз. Жаҳон жамоатчилигини ҳам, халқимизни ҳам вақтида хабардор этиб боряпмиз. Керакли чораларни янада кучайтирамиз. Бугун мен икки қўшни давлат – Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, бу борадаги ўзаро ҳамкорлик, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш борасидаги барча масалаларни келишиб олдик. Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади, деб ишонаман", - деди Мирзиёев.

Шунингдек, у яна бир муҳим масалага барча мутасаддиларнинг эътиборини қаратди.

Сўнгги йилларда санитария-эпидемиология масаласига жиддий аҳамият берилмоқда. Ҳозирда мамлакатда 2 та республика даражасидаги шифохона, 14 та вилоят юқумли касалликлар шифохоналари, 216 та ҳудудий санитария-эпидемиология муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Бироқ, кейинги 25 йил давомида умуман эътибор бермаганимиз учун аксариятининг моддий-техник базаси, айниқса, лабораторияси, тиббий анжом ва жиҳозлари ачинарли ҳолатга келиб қолгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев ва Токаев коронавирусга қарши кураш чораларини муҳокама қилишди

Таъкидланишича, шу сабабли, бугунги кунда республика санитария-эпидемиология хизматини тубдан ислоҳ қилиш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан алоҳида қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Мазкур хизматнинг асосий фаолияти тиббий ва санитар барқарорлик, жамоат саломатлигини таъминлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини ташкил этишга қаратилади.

Бунинг учун вилоят ҳокимлари жойлардаги санитария-эпидемиология муассасаларини бирма-бир айланиб, лаборатория-диагностика, тиббий восита ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси, кадрлар салоҳияти, ойлик маоши каби муаммоларни чуқур ўрганиши зарур. Ички молиявий имкониятлар асосида уларни йил охирига қадар бартараф этиш, захиралар шакллантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, бажариш лозим.

Бош вазир республика даражасидаги ва Тошкент шаҳридаги муассасаларни бирма-бир жойига чиқиб ўрганиш ва зарур чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳамда ижроси учун шахсан масъул бўлади. Асосий масала – моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрларни ўқитиш, илм-фанни ривожлантириш, аҳоли саломатлиги учун маблағни аямаслик зарур.

Янгиликлар лентаси
0