ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Тошкент шаҳридан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллари ва самолётларда 50 фоиз чегирма берилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтиришга бағишланган шошилинч йиғилишда хабар қилинди.
Бироз аввал коронавирус туфайли 16 март кунидан мамлакатдаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва ОТМ талабалари учун таътил эълон қилингани хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилди. Шу боис Ўзбекистонда Наврўз ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинди. 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади. Ўзбекистон фуқаролари чет элга чиқишлари, чет эл фуқаролари Ўзбекистонга кириши вақтинча тўхтатилади. Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтишлари мумкин бўлади, қайтгандан кейин 14 кунлик карантинда бўлишлари талаб этилади.