ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги фуқароларга эслатма билан чиқди.
Хабарда таъкидланишича, инфекция касаллигидан сақланиш учун ҳар бир фуқаро қуйидаги тавсияларга амал қилиши керак:
- аввало чет элга боришни режалаштиришда дунёдаги эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлиш;
- зарурат бўлмаган тақдирда оммавий тадбирларда иштирок этишдан имкон қадар чекланиш;
- қўлларни тез-тез, яхшилаб совун билан ювинг ва спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш;
- фаразандларнинг қўл ювишини доимий назоратга олиш;
- юз-кўзни нотоза қўл билан ушламаслик;
- уй ҳайвонларини боқишда, асрашда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- одамлар олдида йўталганда ёки аксирганда оғизни ва буруни дастрўмол, салфетка ёки букилган тирсак билан тўсиш;
- шамоллаш ёки грипп аломатлари бор одамлар билан яқин, юзма-юз мулоқот қилишдан чекланиш;
- овқатланишда яхшилаб пиширилган, асосан қайнатилган ва қовурулган таомлардан истеъмол қилиш, истеъмол қилинаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг яхшилаб пишганлигига ишонч ҳосил қилиш;
- иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш;
Энг асосийси шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш!
“Агарда сизда COVID-19 коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол туғилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида янги COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқлангани хабар қилинган эди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг таъкидлашича, мавжуд вазият бўйича хавотирга ўрин йўқ. Ушбу бемор билан мулоқотда бўлган шахслар, у билан бирга Франциядан учиб келган йўловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилган, уларнинг яшаш жойларини аниқлаш ва улар устидан тиббий кузатув ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши барча тадбирлар амалга оширилмоқда.