ТОШКЕНТ, 11 мар - Sputnik. Ўзбекистон чегара постларидаги божхоначилар нима сабабдан кўп ишлаб кам маош олишаётгани ҳақида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида, ДБҚ бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов тушунтириб берди.
Анжуманда Ўзбекистон чегара постларида икки томонлама фаол ҳаракат туфайли хизмат қилаётган божхона ходимлари ҳафтасига 72 соат ишлашга мажбур бўлаётгани, штат камлиги, аммо уларга 40-45 соатлик иш вақти учун маош тўланаётгани ҳақидаги савол йўлланди.
— Бугунги кунда божхона органи олдида авваламбор давлат хавфсизлиги масаласи турибди, – дейди ДБҚ бошқарма бошлиғи Олимжонов. Қолаверса, чегара божхонаси ходимлари ҳар бир транспорт ичини текшириш, ҳар хил ноқонуний тақиқланган контрабанда, гиёҳвандлик, портловчи қурол яроқларни ўз вақтида пайқаб қолиш бўйича жавобгарлик ҳам ўша чегарада хизмат олиб бораётган ходимнинг зиммасида бўлади.
Шу боис ҳам уларнинг иш вақти ва дам олиши масаласини айни дамда ҳал этиш хавфсизлик ва бюджет жиҳатидан бир оз муаммо бўлиб турибди. Яъни биз дарҳол уларни 3 сменли ишга ўтказиб қўя олмаймиз. Сабаби, чегаранинг очиб юборилиши, тақиқланган нарсаларнинг ўтиб кетиб қолиши катта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аммо шунга қарамай, бу масала юзасидан раҳбарият топшириғини инобатга олган ҳолда, ходимларни 1 кун ишлаб 2 кун дам олиш схемасига ўтказиш бўйича керакли ишлар олиб бориляпти, – деди бошқарма бошлиғи.
Маълумот учун, 2019 йилда Ўзбекистон чегара божхона постларидан фуқаролар ҳаракати 2 бараварга ошиб - 20 млн кишини ташкил қилган. Шунингдек 1 млн. 900 мингта автотранспорт воситаси ўтган. 2017-2014 йилларда эса - 42 млн одам ҳаракатланганлиги қайд этилган.