ТОШКЕНТ, 9 мар - Sputnik. ЖССТнинг вакиллари айни дамда Ўзбекистон санитария-карантин пунктларидаги назорат ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш, даволаш муассасалари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда лабораториялар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида ўз техник тавсияларини беришмоқда.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Хусусан, ЖССТнинг коронавирусга тайёргарлик бўйича етакчи консультанти Уте Эндерлейннинг фикрига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш, эпидемиологик назоратни кучайтириш борасидаги ишлар ҳалқаро талаблар асосида амалга оширилмоқда.
Фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш дастури масъул ходими Жетри Регми фавқулодда вазиятларда кўриладиган чоралар бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда “COVID-19” инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги санитария-карантин пунктларида етарли эҳтиёт чоралари кўрилган бўлиб, у ерда 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари фаолият юритишмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида эса 24 соат давомида узлуксиз фаолият кўрсатувчи махсус штаб ташкил қилинган.