ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 5 мартдаги қарори билан асосий ставка йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
“Ушбу қарор тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган эркинлаштирилиши ҳамда коронавирус билан боғлиқ бўлган ташқи иқтисодий ноаниқликларнинг кучайиши билан изоҳланади”, - дейилган хабарда.
Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, инфляциянинг энг юқори даражаси жорий йилнинг иккинчи чорагида кузатилиши мумкин. Айни вақтда 2020 йилнинг иккинчи ярмида тарифлар ўсишининг инфляцияга таъсири пасайиб боради ва йил охирида инфляция даражаси прогноз коридорининг юқори чегарасига яқинлашади.