ТОШКЕНТ, 2 мар - Sputnik. Наманганда “Уч паҳлавон” ҳайкали қайта очилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири шаҳар ҳокимлигига асосан.
“Уч паҳлавон” ҳайкали Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида, “Афсоналар водийси” боғи ёнида жойлашган. Ушбу ҳудуднинг олдинги номи - Селхона бўлган.
Наманган вилояти аҳолиси асрлар давомида селдан азият чеккан, вилоят ҳудудида 5та ана шундай селхона бўлган. Табиий офатдан сақланиш мақсадида 1968 йилда вилоят раҳбарияти шу ерда узунлиги 600 метр баландлиги 19 метр бўлган тўғон қуришга қарор қилади. Янги тўғон 3 йилда қуриб битказилади. Пайдо бўлган ҳовуз сатҳи 36,4 гектар майдонни эгаллаб, у 3,4 миллион куб метр сув сақлаш қувватига эга бўлади.
Тўғон билан бир вақтда, ушбу дарёдан баҳра оладиган уч миллат ўзбеклар, қирғизлар ва тожикларнинг бирдамлигини рамзи сифатида "Уч паҳлавон" ҳайкали ҳам қурилади. Ҳайкал муаллифи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Муталлиб Аббосов (Навоий номидаги вилоят театрининг бош рассоми)
Ҳайкалнинг асосий ғояси - инсон она табиатга ғазаб қилолмасада унинг қалбида мардлик ва матонат бор баҳодирлар эл бошига иш тушганда залворли юкка елка тутадилар, бало-офатларга кўкракларини қалқон этдилар.
Селхона, тўғон, йўл, ҳайкал – ҳаммаси 1971 йил кузида қуриб битказилган. Баҳодирлар сиймоси ўша пайтда “Мардлик” монументи номини олди, шоҳкўча эса “Дўстлик” номи билан аталди.
1990-йилларда "Уч паҳлавон" ҳам икки марта вандалларнинг ҳужумига дучор бўлганидан сўнг, вақтинча хавфсиз жойга кўчирилган эди.
Бугун, мана тарихий ҳақиқат қарор топиб, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини, матонатини абадийлаштириш учун бапро этилган “Уч паҳлавон” ҳайкали эски ўрнига қайтарилди. “Уч паҳлавон” ҳайкали кундан кунга чирой очиб бораётган Наманганнинг энг диққатга сазовор объектларидан бирига айланиши шубҳасиз, - дейилган хабарда.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақов, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, журналистлар иштирок этдилар.