ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Абхазия президенти вазифасини бажарувчи Валерий Бганба чет эл фуқароларининг республикага киришини тақиқловчи фармонга имзо чекди. Ҳужжат 1 мартдан кучга киради.
“2020 йил 7 апрелига қадар Абхазия Республикасига хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши вақтинча чеклансин, Абхазия халқаро шартномаларга мувофиқ визасиз режим ўрнатган давлатлар фуқаролари бундан мустасно”, - дейилади фармонда.
Шунингдек, 7 апрелга қадар Абхазияга киришга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга виза бериш тўхтатиб қўйилади.
Ушбу чоралар мамлакат аҳолисини авж олган коронавирусдан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилмоқда.
Аввалроқ Бганба республика идоралари раҳбарлари билан учрашув ўтказган эди. Унда республикага коронавируснинг кириб келишини олдини олиш ҳаракатлар режаси муҳокама қилинган эди.
Бганба “носоғлом одамнинг Абхазия ҳудудига киришига йўл қўймаслик учун” Россия ва Грузия билан чегарада тепловизорлар ва кўчма клиникаларни ўрнатишни буюрди.
Эслатиб ўтамиз, Абхазия 4 февралдан “Псоу” ва “Ингур” назоратдан ўтиш жойлари орқали бешта давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг киришига вақтинча чеклов ўрнатган эди.
2019 йил 31 декабр куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисмида (Хубэй провинцияси) Ухань шаҳрида келиб чиқиши номаълум пневмония касаллиги ҳақида хабар берди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчисини аниқладилар - бу янги коронавирус. ЖССТ ушбу касалликни халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб тан олди ва ушбу касалликка расмий - COVID-19 номини берди. Хитойда ушбу касалликка чалинганлар сони 78 мингдан ошди, 2744 киши вафот этди, 32 мингдан ортиғи даволанди. ХХР ташқарисида юқтириш ҳолатлари, ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, 37 мамлакатда қайд этилди, ушбу касалликка чалинганлар сони 2790 кишига етган. 44 киши эса вафот этган.