ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Украина Ўзбекистон билан мунтазам қатновларнини тиклашдан манфаатдор.
Бу ҳақда Украина инфратузилма вазири ўринбосари Олег Юшенко Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири биринчи ўринбосари Абдуалиев Алишер билан учрашувда маълум қилди.
Юшенконинг таъкидлашича, Украинанинг авиация траспорт соҳасида сиёсати ҳамкор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан йўловчи ташиш бозорини эркинлаштиришга қаратилган.
“Украина ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво алоқаси ва ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги битим доирасида Украина ҳар бир томон учун ҳафтасига етти марта Украина ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам қатновларни имкон қадар тезроқ тиклашдан манфаатдор”, - деди украиналик амалдор.
Абдуалиев, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Украина ўртасида транпорт инфратузилмаси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у икки мамлакат ўртасидаги ҳаво алоқаларининг тезроқ тикланишига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентдан Киевга қатновлар 2015 йилда икки мамлакат авиация соҳаси маъмурлари ўртасида келишувлар мавжуд бўлмаганлиги туфайли тўхтатиб қўйилган эди.
2019 йил октябрида қатновлар қайта тикланиши керак эди, аммо Украина тарафи сўнгги лаҳзада ўз қарорини бекор қилганлиги ҳақида ариза йўллаган эди.