ТОШКЕНТ, 14 фев - Sputnik. Ўзбекистон томонининг қўшни давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан талаба ёшларни ватанга қайтариш бўйича ҳаракатлари сиёсий маънодан мутлақо ҳоли. Бу ҳақда бугун журналистлар билан ўтказилган матбуот-анжуманида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"...Қўшни давлатларда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчирилишида мутлақо бир сиёсий маъно ёки сиёсий омил йўқ. Анча йиллардан буён фарзандлари чет элда таҳсил олаётган ота-оналардан ўз фарзандининг ўқишини Ўзбекистондаги олийгоҳларга кўчиришга имкон бериш ҳақидаги талабларни эшитиб келамиз. Ўзбекистон ОТМларида квоталар оз бўлиб, бундай талабаларга бир марта ёзда ўқишни кўчиришга рухсат бериларди. Бу йил ота-оналарнинг талабларидан келиб чиқиб, қишда ҳам ўқишни кўчиришга розилик берилди", - дея тушунтирди Неъматов.
Дипломатнинг айтишича, мана шу жараён бошлангандан бери, Ўзбекистоннинг Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ушбу масала устида тинимсиз музокаралар олиб боришмоқда.
"Бу жуда мураккаб масала. Мисол учун, биргина Чимкентнинг ўзида 10 мингдан ортиқ талабаларимиз таҳсил олади. Қирғизистон, Тожикистонда ҳам ҳолат шундай. Элчиларимиз билан ҳар куни гаплашаман, уларнинг олийгоҳлар ректорлари билан мунтазам алоқадалигидан хабардорман", - деди у.
Таъкидланишича, тез вақтда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълими вазири Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ОТМлари раҳбарлари билан учрашиб, мулоқот қилиши кутилмоқда.
"Бу ерда турли муаммолар бор. Мисол учун, талабага бир семестрни тамомламай туриб, ўқишни кўчиришга рухсат берилмаслиги ёки агар ўқиш семестр ярмида кўчириладиган бўлса, бир йил учун тўлаб қўйилган контракт пулининг ярми қайтарилмаслиги ва шунга ўхшаш муаммолар... Албатта, ҳозирги кунда музокаралар олиб борилмоқда, ўйлайманки, мана шу музокаралар натижасида муаммоларнинг ҳаммаси ҳал бўлади", - деб ишонч билдирди ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги февраль ойининг бошида қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишини Ўзбекистонга кўчиришлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Илгарилари ўзбек талабаларида бундай имконият бўлмаган. Кўнгилли равишда ўқишни кўчириш қарори, талабалар ота-оналари томонидан ўз фарзандларига моддий ёрдам юборишда юзага келаётган қийинчиликлар туфайли қабул қилинган. Бундан ташқари, талабаларнинг ота-оналари қўшни мамлакатлардаги олий даргоҳлардаги таълим сифатидан ҳам норози бўлганлар.