ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
ИИВ хабарига кўра, йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилган. Аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўлга қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинган.
Маълум қилинишича, ўтган йил давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони 8,5 фоизга, шу жумладан, қотиллик 31,6 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 15,9 фоизга, босқинчилик 50 фоизга, ўғирлик 28,3 фоизга, фирибгарлик 10,4 фоизга камайишига эришилган.
Шу билан бирга, вилоятнинг айрим ҳудудларида ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликда, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида аниқ ёндашув асосида тизимли иш олиб борилмаганлиги кескин танқид қилинди.
“Йиғилишда хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи О.Қурбонов, Бухоро вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи Б.Асадов, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Гадоев, Пешкў тумани ИИБ бошлиғининиг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Салихов, Қоракўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ф.Норов ҳамда 6 нафар профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, Бухоро вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Бухоро вилояти ИИБ 1-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарига интизомий жазо чоралари берилган.
Учрашув якунида келгусида ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича йўл хариталарни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.