ТОШКЕНТ, 29 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳаво йўллари фаолиятини, хусусан фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳолатни қаттиқ танқид қилди. Танқидий фикрлар Мирзиёев томонидан 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда янграган.
Таъкидланишича, миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти.
Шунингдек, ўтган йили 4 та аэропортда “очиқ осмон” режими жорий этилиб, “бешинчи ҳаво эркинлиги” ўрнатилган эди. Аммо ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмаган. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, Жаҳон банкининг тавсиялари асосида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берилган.
Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида “очиқ осмон” режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланган.
Янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.