ТОШКЕНТ, 29 янв – Sputnik. Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси вакили Акмалхон Олимхонов Ухандаги вазият юзасидан видеомурожаат билан чиқди.
Ўз мурожаатида элчихона вакили айни дамда Пекиндаги элчихона ходимларидан иборат штаб тузилганини ва улар хитойдаги Ўзбекистон фуқаролари билан доимий алоқада эканлигини хабар қилди.
Шунингдек Олимхонов Ухандаги фуқаролар билан ҳам алоқа ўрнатилганини, шаҳардаги вазият Хитой ҳукуматининг тўлиқ назорати остида эканини хабар қилди. Элчихона ходимининг сўзларига кўра, Ухандаги Ўзбекистон ва бошқа давлат фуқаролари шаҳарда эълон қилинган карантин туфайли у ерни тарк эта олмасликларини тушинтирди.
Шу билан бирга, ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқлигини, коронавирус билан курашга хитойнинг энг тажрибали шифокорлари жалюб этилганини ҳам айтиб ўтди. Шунингдек Ухан шаҳри супермаркетларида ҳам озиқ-овқат муаммолари йўқлиги алоҳида қайд этилди.
Элчихона вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда ушбу мамлакатнинг 3та шаҳридан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиация парвозлари амалга оширилмоқда. Батафсил маълумотларни қуйидаги хабардан топишингиз мумкин.