ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича жорий йилга асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Ўтган йили мамлакатда 6 та йирик лойиҳа доирасида жами 1076 мегаватт электр энергия қувватлари ишга туширилди.
Жорий йилда электр энергияси истеъмоли 71 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан ўртача 9 фоизга, яъни, иқтисодиёт тармоқлари талаби 10, аҳолиники эса 8,5 фоизга ошиши кутилмоқда.
Йиғилишда ушбу эҳтиёж қайси манбалар ҳисобидан қопланиши муҳокама қилинди. Президент 2020 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ, сифатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
“Жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидро электр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3 минг 500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар шакллантирилган”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими бу борада яхши самара бераётгани қайд этилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига йил якунигача яна 4,5 миллион дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш вазифаси қўйилди.
Соҳадаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорини шакллантириш, генерация жараёнига давлат-хусусий шериклик тамойили асосида инвесторларни жалб қилиш ва бунда давлат кафолатини босқичма-босқич камайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб мамлакатда электр энергияси истеъмоли ҳозиргига нисбатан 2 баробар кўп бўлиши кутилмоқда. Шу боис президент Энергетика вазирлигига кейинги ўн йилда умумий қуввати 7900 мегаваттни ташкил этадиган янги иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.
Шунингдек, инвесторларни жалб қилган ҳолда, 8000 мегаватт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, гидро электр станциялари қувватини 1 минг 935 мегаваттга ошириш, кичик гидро электр станциялар барпо этишни хусусий секторга бериш юзасидан вазифалар белгиланди.
Мутасадди ташкилотларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда электр энергияси соҳасида замонавий технологиялар билан бевосита ишлайдиган ўрта ва кичик бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.