ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи давомида “Toyota Tsusho” компанияси раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашувда Япониянинг кўп тармоқли “Toyota Tsusho” компанияси раҳбарияти билан Ўзбекистонда автомобилсозлик, тўқимачилик, кимё, кончилик ва озиқ-овқат саноати, электроника ва меҳмонхона бизнеси соҳаларидаги фаолиятни диверсификация қилишнинг дастлабки шартлари муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, компания ижрочи директори М.Акияма давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида шамол ва қуёш электр станцияларини қуришга ва республиканинг йирик саноат объектларини хусусийлаштиришда иштирок этишга қизиқиш билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Япония янги автомобиллар ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама қилгани хабар қилинган эди.