ТОШКЕНТ, 13 янв – Sputnik. Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида истиқомат қилувчи фуқаро К. Атаниязов лизингнинг бирламчи тўлови – 49 млн. 250 минг сўм тўлаб ҳам Кобальт машинасини ололмаган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, қорақалпоғистонлик фуқаро К.Атаниязов “Умид Савдо Файз Инвест” МЧЖ билан 2018 йил 2 ноябрда “Кобальт” русумли автомашинасини харид қилиш тўғрисида шартнома тузган. Мижоз шартнома асосида лизингнинг бирламчи тўлови сифатида компанияга 49 млн. 250 минг сўм тўлаган.
Бироқ шартнома бўйича бирламчи тўлов тўлангандан сўнг 120 кун мобайнида машинанинг ўз эгасига топширилиши кўзда тутилган бўлишига қарамай, 120 кундан ортиқ вақт ўтса ҳамки машинадан дарак бўлмаган.
Мижоз 2019 йил 8 августда “Умид Савдо Файз Инвест” МЧЖни Нукус филиалига шартномани бекор қилиш ва тўланган пулни қайтариш тўғрисида ариза билан қайта мурожаат қилган. Шартномада шунингдек, пул аризачининг ҳисоб рақамига ариза берилган вақтдан эътиборан 40 кун мобайнида тушиши керак бўлган. Аммо жамият томонидан фуқаронинг ушбу ҳуқуқи ҳам поймол этилган.
Мурожаатлар ортидан сарсон бўлгач, К.Атаниязов охирги чора сифатида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилган.
Агентлик мутахассислари томонидан мурожаат жиддий ўрганиб чиқилиб, бугунги кунда истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи тикланган. Унга шартнома бўйича тўланган сумманинг тўлиқ қайтарилишига эришилган.